«Ёшлар ҳафталиги»нинг очилишига бағишлаб ўтказилган матбуот анжумани давомида иштирокчи ёшлар томонидан бир қатор саволлар берилди ва уларга атрофлича жавоблар олинди. Бу ҳақда «Дарё»га «Камолот» ЁИҲ матбуот хизмати маълум қилди.
Суннатилло Ваҳобов, талаба:
«Олдинлари ‘MIT.uz’ танлови ‘Ахборот ҳафталиги’ доирасида бўлиб ўтарди, 2016 йилда эса ‘Ёшлар ҳафталиги’ доирасида ўтказилмоқда. Бунда қандай янгилик бор?»
Шерзод Шерматов, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари:
«‘MIT.uz’ лойиҳасини ўтказишдан асосий мақсад — ёшлар учун мўлжалланган ижобий мазмундаги энг яхши интернет ресурсларини яратиш, кўпайтириш, мавжудларини аниқлаш ва рағбатлантириш, веб-ресурслар яратувчилари диққат-эътиборини интернет технологияларидан масъулиятли, ахборот маданияти талаблари доирасида ҳамда хавфсиз фойдаланиш муаммосини ҳал этиш, интернетнинг ёшлар учун мўлжалланган сегментини кенгайтириш ва ривожлантириш. 2016 йилда ‘MIT.uz’ лойиҳаси доирасида иккита янги танлов ўтказилмоқда. Булар ‘Хакатон’ ҳамда ‘Роботлар жанги’ беллашувларидир».
Шаҳноза Саматова, «Камолот» ЁИҲ фаоли:
«Барчамизга маълумки, ‘Ёшлар ҳафталиги’ доирасида ‘Талабалар театр студиялари фестивали’ ўтказилади. Ушбу фестивалда ғолиб бўлган жамоа аъзолари қандай рағбатлантирилади?»
Мажидов Ином Урушевич, Ўзбекистон Республикаси Олий ва Ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари:
«‘Талабалар театр студиялари фестивали’да профессионал бўлмаган ёшлар иштирок этади. Бу ҳам, албатта, ёшларимизнинг қобилияти ва иқтидорини юзага чиқаришга яна бир имконият. Бугунги кунда бундай фаол ёшларимизни рағбатлантиришни такомиллаштирмоқдамиз. Балки бакалавр талабаси учун магистратурага ўқишга киришда имтиёзлар яратилар».
Изоҳ (0)