Колумбия осмонларида ҳалокатга учраган «Шапекоэнсе» футболчилари хотираси учун машҳур рассомлар ўзларининг кичик, аммо қалбларни титратувчи асарларини намойиш этди.
Ўзининг қувноқ расмлари билан машҳур бўлган Омар Момани биринчилардан бўлиб осмонда сокин парвоз этаётган самолётни акс эттирди. У «Шапекоэнсе» учун қадрли бўлган форма тусини олган бўлиб, қуёш балқиб турган ёруғлик томон интилаётганди.
Яна бир расмда клуб футболчилари акс этган бўлиб, уларнинг юзи шаффоф тус олган. Бу эса «Шапекоэнсе» йигитлари энди орамизда йўқ, деган маънони билдирса ажаб эмас.
Копа Судамерикана финали учун йўл олаётган «Шапекоэнсе» ҳалокатга учраб, ҳал қилувчи беллашувда иштирок эта олмаганди. Уларни тақдирлаш маросими осмоннинг ўзида ўтаётгани ҳам ҳар қандай футбол мухлиси қалбини ўртантиради.
Финалда «Шапекоэнсе»га қарши ўйнаши керак бўлган «Атлетико Насьональ» футбол клуби кубокни рақибига бериб юбориши ҳақида маълум қилиб, бу билан қалби яримта бўлиб қолган жамоа мухлисларига ўзига хос далда бўлганди. Қуйидаги расмда «Атлетико Насьональ» ваъда қилинган кубокни «Шапекоэнсе» футболчилари хотирланган қабристонга олиб келаётгани акс этган.
1949 йил Италиянинг «Торино», 1958 йил эса Англиянинг «Манчестер Юнайтед» футбол клублари ҳам самолёт ҳалокатига дучор бўлганини кўпчилик яхши билади. Аллақачон осмонга парвоз этган ўша футболчиларнинг «Шапекоэнсе» аъзоларини кутиб олиши тасвирланган суратни томоша қилинг.
Бразилиянинг қуйи лигасидан секин-аста юқорига қараб интилган ва тез орада ўзини А серияда кўрган «Шапекоэнсе», халқаро майдонда ҳам ном қолдириш учун ҳаракат қилаётганди. Аммо Копа Судамерикана кубогига бир қадам қолганида жамоа футболчилари дунёдан кетди. Шу тариқа соврин уларнинг порлоқ хотираси учун аталди.
“Атлетико Насьональ” рамзи бўлган арслон финалда рақиб бўлган “Шапекоэнсе” футболчисига ўзи орзиқиб кутган кубокни чин дилдан тақдим этмоқда.
Сўнгги расмда «Шапекоэнсе» футболчилари булутлар устида тўп сураётгани акс этган. Боқийлик дарвозаси олдида эса уларни яқиндагина ҳаёт билан видолашган футбол афсоналари кутиб турибди. Голландиялик Йохан Круифф ҳамда бразилиялик Карлос Альбертони таниган бўлсангиз керак...
Изоҳ (0)