Колумбия ҳукумати 1 декабрь, пайшанба куни Боливиянинг Lamia авиакомпанияси самолёти 29 ноябрь куни ҳалокатга учраши оқибатида барча қурбон бўлганларнинг жасадлари, шу жумладан, Бразилиянинг «Шапекоэнсе» футбол клуби ўйинчилари ва раҳбарияти аъзолари мурдаларининг шахслари аниқланганини эълон қилди, деб ёзади «ТАСС» Reuters’га таяниб.
Марҳум футболчилар ва футбол клуби раҳбарларининг жасадлари Бразилиянинг Шапеко шаҳрига 2 декабрь, жума куни етказилади. Футболчилар билан видолашув шаҳардаги спортчилар ўйинлар ўтказган стадионда бўлиб ўтади. Мотам маросимида Бразилия президенти Мишель Темер иштирок этиш-этмаслиги ҳозирча хабар берилмаяпти.
Лайнер бортида 77 киши бўлган, уларнинг 22 нафари «Шапекоэнсе» футболчилари бўлган. Сўнгги маълумотларга кўра, авиаҳалокат натижасида бор-йўғи олти киши омон қолган.
Изоҳ (0)