Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Жонг Жанубий Корея президенти Ли Же Мёнгнинг тинчлик бўйича мурожаатларини яна рад этиб, уни иккиюзламачиликда айблади. Бу ҳақда маҳаллий нашрларга таяниб, Al Jazeera хабар берди.

Ким Ё Жонгнинг айтишича, Пхеньян ҳеч қачон Сеулни дипломатик ҳамкор сифатида кўрмайди. Ушбу баёнот Жанубий Корея ва АҚШнинг қўшма ҳарбий машғулотлари фонида янграмоқда. Ҳар йили ўтказиладиган бу машғулотлар Шимолий Кореянинг ядро қудратига қарши янги мудофаа стратегияларини синовдан ўтказишни кўзда тутади.
Ким Ё Жонг машғулотларни “босқинчиликка тайёргарлик” деб баҳолаб, Жанубий Корея президентини “иккиюзламачи”ликда айблаган:
“Бир тарафдан тинчлик ҳақида гапиради, иккинчи тарафдан уруш ўйинларини давом эттиради”.
Унга кўра, Жанубий Корея “самимий ва ишончли” эмас, шунинг учун мамлакат КХДР учун дипломатик ҳамкор бўла олмайди. Жануб президенти Ли Же Мёнг сўнгги кунларда Пхеньянни мулоқотга қайтишга чақириб, 2018 йилда имзоланган ва чегарадаги кескинликни камайтиришга қаратилган ҳарбий битимни тиклашга тайёрлигини билдирганди. Президент, шунингдек, Шимолий Кореянинг сиёсий тизимига ҳурмат билан қарашини ва душманона ҳаракатларни кўзламаслигини айтган.
Бироқ Ким Ё Жонг бундай таклифларни “ҳавойи орзу” деб баҳолаб, Жанубий Кореянинг консерваторлар ёки либераллар қўлида ҳам доимо Шимолга қарши кураш олиб борганини таъкидлаган. Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ҳам АҚШ–Жанубий Корея машғулотларини “урушга тайёргарлик” дея баҳоламоқда. Пхеньян бунга жавобан ядровий қуролларни кўпайтиришни маълум қилган.
Изоҳ (0)