Ўзбекистонда намунали хавфсиз кўча ва уйлар ташкил қилинади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Унга кўра, “Криминоген вазияти мураккаб ва оғир маҳаллаларда намунали хавфсиз кўча ва намунали хавфсиз уй ташкил этиш” бўйича намунавий талаблар тасдиқланди. Намунали хавфсиз кўча ва намунали хавфсиз уй ташкил этишга оид инфратузилмавий талаблар қуйидагилар:
- тунги вақтда кўчанинг аҳоли истиқомат қиладиган ва ҳаракатланадиган қисми тўлиқ ёритилиши;
- берк кўчалар, ички йўлаклар ва аҳоли кам юрадиган, жиноят содир этилиши эҳтимоли бўлган қоронғи ҳудудларнинг қисман ёритилиши;
- транспорт воситалари учун автотураргоҳларнинг техник кузатув талабларига жавоб бериши;
- кўчаларда ноқонуний (ёйма) савдо расталари фаолияти тартибга солиниши;
- қаровсиз ертўла, чордоқ ва чиқиндихоналар мавжуд бўлмаслиги.
Оғир маҳаллаларда намунали хавфсиз кўча ва намунали хавфсиз уйлар ташкил қилиш бўйича аниқ вазифалар ҳар чорак ва ҳар ойда маҳалла, туман ва вилоят даражасида ишлаб чиқиладиган “йўл хариталар”га манзилли киритилади.
“Маҳалла еттилиги” томонидан намунали хавфсиз кўча ва намунали хавфсиз уйларнинг бошланиш ва тугаш нуқталарига ушбу ижтимоий мақомни билдирадиган стикерлар ўрнатилади.
“Ўзбекистон Республикаси президентининг айрим қарорларига маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизими натижадорлигини янада оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларни сунъий интеллектда ишловчи махсус дастурий таъминотга интеграция қилинган замонавий кузатув камералари билан тўлиқ қамраб олиш кўзда тутилган. 2025 йил якунига қадар жисмоний шахслар мол-мулкини техник қўриқлаш қамровини 30 фоизга, юридик шахслар мол-мулкини қўриқлаш қамровини эса 60 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Изоҳ (0)