Шу йилнинг 27—28 декабрь кунлари БААнинг Дубай шаҳрида 2010 йилдан буён ўтказиб келинаётган Globe Soccer Awards тақдирлаш маросимининг олтинчиси бўлиб ўтади. Лойиҳа расмий сайти ғолиблик учун кураш олиб борадиган номзодлар номига ойдинлик киритди.
Европа футбол агентлари ассоциацияси ҳамда қитъа клублар ассоциацияси томонидан ўтказиб келинадиган тақдирлашда йилнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун Жейми Варди, Гонсало Игуаин, Лионель Месси, Криштиану Роналду, Гарет Бэйл ва Антуан Гризманн рақобатлашади.
Мураббийлар рақобати эса Зинедин Зидан, Клаудио Ранери, Фернанду Сантуш, Массимилиано Аллегри ва Унаи Эмери билан юзага чиқади. Йилнинг энг зўр клублари бўлиш учун «Реал», «Лестер», «Севилья», «Мольде» ва «Легия» ҳаракат қилади.
Лойиҳа, шунингдек, энг яхши ФИФА ҳакамларини ҳам тақдирлайди. Номзодлар орасида Марк Клаттенбург (Англия), Бакари Гассама (Габон), Нестор Питана (Аргентина), Хоэл Агилар (Салвадор) ҳамда Алиризо Фағоний (Эрон)ни учратиш мумкин.
Маълумот учун, ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов бир йил муқаддам Globe Soccer Awards совринини қўлга киритган бўлиб, кейинроқ Тошкентда унга Malibu автомашинаси совға қилинганди. 2016 йилги мавсумда Эрматов ОФКнинг йиллик тақдирлаш маросимига таклиф этилган номзодлар орасида ҳам кўриниш бермаган. У бунга қадар Осиёнинг тўрт бор энг яхши ҳаками деб топилганди.
Изоҳ (0)