Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров ўзининг сайловолди ташвиқоти доирасидаги навбатдаги учрашувини 14 ноябрь куни Гулистон шаҳридаги "Ёшлар маркази" мажлислар залида Сирдарё вилояти сайловчилари билан ўтказди. Бу ҳақда «Дарё»га партия матбуот хизмати хабар берди.
Вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари сайловчилари билан видеоконференция орқали мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда жами 2000 нафарга яқин талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, партиянинг вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари аъзолари иштирок этди.
Тадбирни Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати С.Элмуродов олиб борди. Президентликка номзод Н. Умаровнинг ишончли вакили — Сирдарё вилоят «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси директори Ю. Усманова йиғилганларга номзоднинг таржимаи ҳоли ҳақида батафсил маълумот берди.
Учрашувда Наримон Умаров даставвал истиқлол йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Сирдарё вилояти иқтисодий-ижтимоий ҳаётидаги беқиёс ўзгариш ва янгиланишлар рўй берганлигини эътироф этди. Воҳада ўтган қисқа даврда қишлоқ хўжалиги ва саноат ривожланиб, айниқса, текстиль, фармацевтика маҳсулотлари экспорти йўлга қўйилгани ҳудуднинг иқтисодий юксалиши баробарида аҳолининг турмуш фаровонлиги ошишига хизмат қилаётганини қайд этди.
Наримон Умаров сайловчиларни ўз сайловолди дастури билан таништирар экан, ундан ўрин олган олтита асосий йўналиш ҳақида батафсил сўзлаб берди. Хусусан, демократик ижтимоий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш, қонун устуворлигига эришиш, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳамлаш, фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш ва бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш, мамлакатни модернизация қилишдек устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда, янги авлод кадрларини тайёрлаш, миллий манфаатлар устувор бўлган тинчликсевар, прогрессив ташқи сиёсатни олиб боришга доир масалаларда ўз қарашларини баён қилди.
Номзод учрашув иштирокчилари эътиборини иқтисодий йўналишдаги вазифаларга қаратар экан, Сирдарё вилояти иқтисодиётининг бугунги ҳолати ва истиқболдаги имкониятлари ҳақида тўхталди.
Сўнгги йилларда ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларининг амалга оширилиши натижасида вилоятда саноат корхоналари сони сезиларли даражада кўпайгани, ўнлаб илғор ишлаб чиқариш субъектлари ташкил этилиб, импорт ўрнини босувчи кўплаб турдаги харидоргир маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилгани, экспорт салоҳияти ошиб бораётгани натижасида вилоятнинг Гулистон, Ширин шаҳарлари ва Сирдарё тумани субвенциядан чиқарилганини таъкидлади.
Ана шулардан келиб чиқиб, Н. Умаров ҳам ўз дастурида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурларини амалга ошириш масалаларига, авваламбор, мамлакатда экспортга йўналтирилган иқтисодиётни ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг жаҳон ва минтақавий бозорлардаги рақобатдошлигини ошириш, экспорт ва импорт миқдори орасидаги мувозанатни сақлаш нуқтаи назаридан ёндашишини маълум қилди.
Шу билан бирга, номзод молия бозорига аҳоли, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари маблағларининг фаол жалб қилиниши борасида ҳали ишлатилмаган кенг имкониятлар, ечимини кутаётган вазифалар мавжуд эканлигига эътибор қаратиб, уларнинг ҳал этилиши иқтисодиётни ривожлантириш учун қўшимча инвестициялар ва молиявий ресурсларни жалб қилиш имкониятини беришини таъкидлади.
Наримон Умаров, шунингдек, ўзининг сайловолди дастурида экология соҳасида белгиланган вазифалар ва, қолаверса мутахассислиги, яъни гидрогеолог сифатида кўп йиллик тажрибасидан келиб чиқиб, Сирдарё вилоятининг мураккаб табиий шароити, ҳудудда ер ости сувларининг яқинлиги, тупроқларнинг шўрланиш даражаси юқорлиги муаммоларини бартараф этиш бўйича ўз таклифлари билан ўртоқлашди.
Қизғин мулоқот руҳида ўтган учрашувда иштирокчилар Президентликка номзодга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишди ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ўз фикр ва таклифларни билдирди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ў. Холов, Гулистон давлат университетининг Миллий истиқлол ғояси, маънавият ва ҳуқуқ кафедраси мудири Р. Маҳмудов, «Адолат» СДП Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Д. Абдуллаева, Ховос бирлашган темир йўл шифохонаси бош шифокори Ғ. Райимназаров, Гулистон мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш коллежи ўқитувчиси Д. Умрзакова ва бошқалар Наримон Умаровнинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлаб сўзга чиқди.
Изоҳ (0)