Финляндиянинг таълим тизими дунёдаги энг яхшиларидан бири ҳисобланади. Таълимни баҳолаш бўйича рейтингларда ушбу мамлакат энг нуфузлилар ўнлигига киради, деб ёзади AdMe. Аммо маҳаллий ҳукумат эришилган ютуқлардан мағрурланишга интилмайди ва мактаб тизимида ҳақиқий инқилобни юзага келтиришга қарор қилди.
Амалдорлар мактаб фанларини бекор қилмоқчи: энди физика, математика, адабиёт, тарих ва география фанлари бўлмайди.
Хельсинки таълим департаменти раҳбари ўзгаришларни қуйидагича изоҳлайди: «Шундай мактаблар борки, у ерда 1900 йиллар бошларида мақбул ҳисобланган нарсаларни эскича услубда ўқитишади. Бироқ ҳозир эҳтиёжлар ўзгарди, биз эса XXI аср учун яроқли бўлган нарсани яратишимиз керак».
Алоҳида фанлар ўрнига мактаб ўқувчилари ҳодиса ва воқеаларни фанлараро форматда ўрганади. Масалан, Иккинчи жаҳон уруши тарих, география ва математика нуқтаи назаридан кўриб чиқилади. «Қаҳвахонада ишлаш» курсини ўрганишда эса ўқувчилар инглиз тили, иқтисодиёт ва муомала малакалари ҳақида билимларга эга бўлади.
Бундай тизим 16 ёшдан ошган юқори синф ўқувчилари учун жорий этилади. Улар доскага чақирилишини кутиб, ташвиш билан ўтириш ўрнига кичик гуруҳларда биргаликда ишлайди ва муаммоларни муҳокама қилади.
Тизимни 2020 йилгача тўлиқ янгилаш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)