Таниқли филиппинлик боксчи Мэнни Пакьяо бир пайтлар ҳатто овқатланишга озгина гуруч топа олмас эди. Аммо темир ирода ва меҳнатсеварлик уни чўққиларга олиб келди — Пакьяо саккизта турли вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлган ягона боксчига айланди. Унинг тарихини AdMe ҳикоя қилади.
Улкан шуҳратга эришганига қарамай, Пакьяо қашшоқ болалигини унутмади. Жанг учун олган биринчи йирик мукофот пулини у мамлакатнинг энг қашшоқ вилояти бўлмиш Саранганида жойлашган она қишлоғи — Танго аҳолиси учун уй қуриб беришга сарфлади. Боксчи бу билан тўхтаб қолмади: бугунги кунга қадар унинг ҳисобидан минглаб оилалар учун уйлар барпо этилди.
Мэнни камбағаллар учун бунёд этилган шинам қишлоқни Пакман Виллаж (Pac-Man — боксчининг лақаби) деб атади. Ҳар бир уй иккита оилага мўлжалланган бўлиб, иккита алоҳида киришга эга.
Янги қишлоқда спорт билан шуғулланишга мўлжалланган очиқ ва ёпиқ майдонлар, жамоат боғи ва кўп функцияли марказ бор.
Мэнни ўта қашшоқ ва кўп болали оилада туғилган бўлиб, оила одатда бананлар ва илдизлар билан озиқланар эди. 12 ёшда у мактабни ташлаб, оилавий новвойхонада ишлай ҳамда кўчада ширин кулчалар сота бошлади. Ўшанда у бокс билан ҳам шуғуллана бошлади. Мэннининг биринчи мураббийи ўз амакиси эди.
Амакисининг эслашича, болакай ҳар куни соат 4:00 да туриб, югурган.
«Ярим йиллик машғулотлардан сўнг мен ‘бу бола чемпион бўлади’ дедим. Ва ҳақ бўлиб чиқдим», — эслайди амакиси.
Бугун Мэнни Пакьяо мамлакатнинг энг машҳур ва ҳурматга сазовор инсонларидан биридир. Бир неча йил муқаддам у сиёсат билан шуғуллана бошлади ҳамда конгресс сайловларида ғалаба қозонди.
Ушбу суратни Instagram’даги саҳифасига жойлаштирар экан, Мэнни унга шундай изоҳ беради:
«Бу ҳаёт. Давлат хизматчиси сифатида нима қилганим ҳақидаги саволга жавобан жим турганимда мени танқид остига олишади. Мен айнан нима қилганимни кўрсатганимда ҳам танқид қилишади».
Изоҳ (0)