17 октябрь куни «Шэньчжоу-11» кемаси учирилганидан сўнг, хитойлик икки космонавт Хитой Халқ Республикаси учун рекорд даражадаги вақт — 30 кун давомида коинотда бўлади, дея хабар бермоқда «ТАСС» Хитойнинг Учувчили космик парвозлар дастури вакили У Пинга таяниб.
Long March-2 °F («Чанчжэн-2Эф») элтувчи ракетасининг парвози 17 октябрь куни маҳаллий вақт билан 07:30 (Тошкент вақти билан 04:30) га белгиланган. У шимоли-ғарбий Ганьсу провинциясидаги Цзюцюань космодромидан учирилади. Айни пайтда техник хизматлар элтувчи ракетага ёқилғи қуйиш ишларига киришган. Кема бортида космонавтлар Цзин Хайпэн ва Чэнь Дун бўлади. 50 ёшли экипаж командири Цзин Хайпэн учун бу коинотга учинчи парвоздир.
«Шэньчжоу-11» учирилганидан сўнг икки сутка давомида космонавтлар қурилмани Ердан 393 км баландликда «Тяньгун-2» лабораторияси модулига бириктириш бўйича миссияни бажаради, у ерда экипаж 30 кунни ўтказади. Бу ХХР учувчили космик парвозлар дастури учун рекорд кўрсаткичга айланади. Космонавтларга орбитада қатор экспериментларни ўтказиш вазифаси қўйилган.
Изоҳ (0)