Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг виртуал қабулхонаси иш бошлаган қисқа фурсат ичида аҳолининг кенг қатламларидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. «Тошкент» телеканалида янги ташкил этилган «Мурожаатдан сўнг» кўрсатуви Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг виртуал қабулхонасига келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар ҳамда уларда акс этган масалаларни ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланади.
Кўрсатувнинг 13 октябрь кунги сонида аҳолидан келиб тушган қатор мурожаатлар таҳлил қилинди. «Тошкент» телерадиоканали «Дарё»га кўрсатувда кўтарилган мавзулар юзасидан маълумот берди.
Артур Пак: Биз ўзимизга уй сотиб олишга қарор қилдик. Ва бунда муаммоларга дуч келдик. Бунинг учун ипотека зарур эди. Айрим банкларга мурожаат қилдик. Аммо, афсуски, бизга рад жавоби беришди. Лекин кутишга вақтимиз йўқ. Икки-уч йилдан кейин 30 га кирамиз. Шундан сўнг ёш оилалар учун тақдим этиладиган имтиёзлардан фойдалана олмаймиз. Нима қилиш керак? Биз Бош вазирнинг виртуал порталига мурожаат қилиш қарорига келдик. Натижада бизга ёш оилалар учун ипотека кредитини олишимиз учун рухсат берилди. Энди биз орзуимиздаги хонадонни сотиб олиш учун яхши имкониятга эгамиз. Бунинг учун биз, биринчи навбатда, Бош вазиримизга миннатдормиз.
Абдуваҳоб Жалилов: Бизларнинг асосий фаолиятимиз бадиий безак ишларини амалга оширишдан иборат. Бир нечта объектларда ганч ўймакорлиги, нақш бериш, миниатюра ишларини бажарган бўлсак, шуларнинг тўловлари буюртмачилар томонидан ўз вақтида амалга оширилмади. Ҳар хил пайсалга солишди, ваъдалар беришди, қуруқ ваъдадан нарига ўтмади. Ишчиларга ўз вақтида ойликни бериш керак, иш ҳақини ишлагани учун бериш керак. Мана шу виртуал порталга мурожаат қилишимдан олдин бир нечта жойларга мурожаат қилганман. Лекин натижаси бўлгани йўқ. Шундан кейин мажбур бўлдим Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг порталига мурожаат қилишга. Натижада Тошкент шаҳар прокуратураси ёрдамида икки кун ичида 400 млн сўм пулни бизларга ундириб беришди. Муаммо бўлаётган нарсанинг икки кун ичида ҳал қилиниши катта нарса бўлди. Бунинг учун ҳукуматимизга уста рассомлар номидан ўз миннатдорлигимни билдираман.
Леонид Дадашев: Менга 41 минг сўм пенсия ҳисобланди. Мен бу пенсияга яшай олмасдим. Собиқ ижтимоий соҳа ходими ёмон ишлади. Ўзбекистон фуқаролари учун алоқа линияси ишлаб туришини билдим. 10-00 рақамига қўнғироқ қилдим. Ва пенсиям кичик бўлиб қолгани ҳақидаги воқеани айтиб бердим. Бу ишни ҳал қилишда ёрдам сўрадим. Мени эшитишди ва 10–15 кун ичида ҳал қилишда ваъда беришди. Икки-уч кундан сўнг мени Яккасарой туман ижтимоий таъминот бўлимига чақиришди. У ерда менинг ҳужжатларим билан шуғулланувчи комиссия ташкил этилди. Айбларини тан олишди. Янги пенсия тайинлашди ва бадал пули тўланишини хабар қилишди. Бунинг учун мен Бош вазиримиз Шавкат Миромонович Мирзиёевга миннатдорман.
Марғуба Азизова: Энди виртуал порталга мурожаат қилганим, пенсиям 96 минг сўмга камайиб қолди. Прописка ўзгарганига, пенсиямни ҳам ўзгартирдим. Қарасам, 90 минг кам олдим. Кейин инспекторга мурожаат қилдим, «нимага ундай бўлди?» десам, бу ерда ҳар ўтказгандан кейин текширамиз, текширсак, 250 минг чиқди. «Нима қилсам экан, бошлиққа кирайми?» десам, қизим «Тўхтанг» деди, «Виртуал портал, бош вазирликка телефон қилсангиз бўлар экан» деди. Тўрт кунда ҳал бўлди, чақиришди, коммиссия кўрди, ҳаммасини тўғрилади, пенсияни ҳам мана энди уч ой бермаганини қайтариб берамиз, деб, 393 минг, яна майдаси ҳам бор, шунақа дейишди. Шу порталга телефон қилишдан олдин ярим соатча ўйлаб ўтирдим, шу кичкина муаммони наҳотки шу порталга телефон қилиб айтишим керак? Лекин телефон қилдим. Ишим шунақа тез ҳал бўлганига мен Шавкат Миромоновични дуо қиламан.
Нодир Ҳайдаров: Бундан икки йил олдин соғлиғим туфайли ишдан кетишга мажбур бўлганман. Ундан олдин давлат бошқарув тизимида ишлаб келганман. Мен шу портал орқали мурожаатнома ёзиб, олти кун ичида Меҳнат вазирлигига юборилган. Меҳнат вазирлигидан мутасадди ходимлар чақириб, суҳбат ўтказишди, натижада Учтепа туман бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари этиб тайинландим. Ҳозир сиз билан гаплашиб ўтирибмиз, ўзимга ишим ёқади. Умуман олганда, халқни давлат бошқарув тизимини эшитиши йўлга қўйилиши, бу давлатимиз ютуқларидан бири, деб ҳисоблаймиз. Турли бюрократик тўсиқлар борлиги ва у тўсиқлардан оддий фуқароларнинг ўта олмаслигининг олди олинди. Айнан шу портал яралиши! Чунки, бу ташаббус орқали бир кишимас, бутун 30 миллиондан ошиқ аҳолимиз кенг миқёсда фойдаланади. Шу портални яратган Бош вазиримизга ўз миннатдорлигимизни билдираман.
Изоҳ (0)