Тошкент шаҳрида «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган «Камолот-тур» IX ёшлар веломарафонининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
2016 йилги мусобақанинг қуйи босқичларида 31,6 мингдан зиёд ўғил-қиз иштирок этди. Улардан сараланган икки мингга яқин ҳаваскор веломарафончи ҳудудий босқичларда ўз маҳоратини синовдан ўтказди.
Веломарафоннинг ҳудудий босқичларида ғалаба қозонган велоспортчилар ўн тўрт километрлик масофага ўтказилган мусобақанинг мамлакат босқичида иштирок этди.
9–14 ёшли иштирокчилар ўртасида хоразмлик Умиджон Бахтиёров биринчи, наманганлик Акбар Нуриддинов иккинчи ва пойтахтлик Фазлиддин Рўзимов учинчи ўринни эгаллади.
15–17 ёшли ҳаваскор веломарафончилар ўртасидаги мусобақада қорақалпоғистонлик Илҳом Есалиев маррага биринчи етиб келди. Қашқадарёлик Асомиддин Боқиев иккинчи, андижонлик Муҳаммадазиз Турсунбоев учинчи бўлди.
18–30 ёшли пойгачилар ўртасидаги баҳсларда Тошкент шаҳридан Жавоҳир Эгамбердиев олтин, Бухоро вилоятидан Денис Голованов кумуш, Жиззах вилоятидан Нодир Хурсанов бронза медални қўлга киритди.
Шунингдек, веломарафон иштирокчилари «Энг ёш иштирокчи», «Фахрий велопойгачи», «Энг маҳоратли техник велопойгачи», «Энг иродали велопойгачи» каби номинациялар бўйича ҳам тақдирланди.
Изоҳ (0)