Термизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда округ ҳудудида сайлов участкалари тузиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди, деб хабар беради ЎзА.
Йиғилишда ҳарбий қисмлар командирлари, Термиз шаҳри ва туман ҳокимликларининг президентлик сайловини ўтказувчи сайлов участкаларини тузиш тўғрисидаги тақдимномалари кўриб чиқилиб, 9-Сурхондарё сайлов округи ҳудудида 734 сайлов участкаси ташкил этилди. Сайлов участкаларининг тартиб рақами, чегараси ва манзили кўрсатилган рўйхати тасдиқланди.
«Бу ҳақдаги қарор ижро учун туман ва шаҳар ҳокимликларига, тегишли идораларга жўнатилади. Маҳаллий матбуотда чоп этилиб, сайловчилар хабардорлиги таъминланади. Унда сайлов участкаларининг чегараси, манзили, овоз берувчилар сони, овоз бериш биноларининг жойлашиши билан боғлиқ барча маълумотлар ўз аксини топади», — деди округ сайлов комиссияси аъзоси М. Қодирова.
Йиғилишда жойларда ташкил этилаётган сайлов участкаларини давлат рамзлари, мебель, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, алоқа воситалари, участка сайлов комиссияси фаолиятини ёритувчи стендлар билан таъминлаш, йўл ва йўлакларни таъмирлаш, теварак-атрофни ободонлаштириш юзасидан ҳам зарур тавсиялар берилди.
Округ сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган брифингда сайловга тайёргарлик кўриш юзасидан вилоятда амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Изоҳ (0)