3 октябрь, душанба куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг видеоконференция шаклидаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази хабар берди.
Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов олиб борган мажлисда мамлакатнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкалари тузиш, шунингдек, сайлов билан боғлиқ бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Марказий сайлов комиссияси Ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари тузиш тўғрисидаги тақдимномасини кўриб чиқиб, мазкур ваколатхоналарда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 44 та сайлов участкасини тузиш ва уларни 14-Тошкент сайлов округига бириктириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Мажлисда сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш бўйича Марказий сайлов комиссияси ҳузурида ишчи гуруҳлари тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
2-Андижон ва 12-Хоразм округ сайлов комиссиялари раисларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарликнинг бориши ҳақидаги ахборотлари эшитилди.
Комиссия аъзолари Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилган ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш масаласини ҳам кўриб чиқди.
Изоҳ (0)