Норвегия валиаҳд маликаси Метте-Маритнинг 28 ёшли ўғли Мариус Борг Ҳойби 32 та жиноят иши бўйича айбланмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Унга нисбатан айблов оилавий зўравонлик, тўртта зўрлаш ҳолатини ҳам ўз ичига олади. Улардан айримларини Ҳойбининг ўзи шахсан видеога ҳам олган. Эркакнинг адвокатига кўра, валиаҳд маликанинг ўғли энг жиддий айбловларни рад этмоқда. Бироқ айрим енгилроқ моддалар бўйича айбини тан олишга тайёр.
Суд жараёни 2026‑йил январь ойида бошланиши кутилмоқда. Ҳойби энг жиддий айбловларда айбдор деб топилса, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Мариус Борг Ҳойби онаси Метте-Маритнинг аввалги муносабатларидан туғилган ўғлидир. Аёл 2001 йилда Норвегия тахти ворисига турмушга чиққан. Бу никоҳдан у яна икки фарзанд кўрган. Ҳойбига қарши тергов 2024 йилда бошланган. Ўшанда уни қисқа муддатга қамоққа олишганди. Ҳойби қироллик унвонига ва тахтни мерос қилиб олиш ҳуқуқига эга эмас.
Изоҳ (0)