Россия футбол иттифоқи (РФИ) қишки тақвимда сақланиб қоладиган Ҳамдўстлик Кубогини ўтказиш форматини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда РФИ профессионал футбол департаменти раҳбари Сегрей Куликов «ТАСС»га маълум қилди.
Россия футбол иттифоқи президенти Виталий Мутко 2016 йил январь ойида ўтказилган сўнгги Ҳамдўстлик Кубогидан сўнг турнирни қайта ташкил қилиш ёки бутунлай тугатиш вариантлари муҳокама этилаётганини маълум қилган эди.
«Масала ҳали ҳам муҳокама қилинмоқда, Кубокнинг фаолиятини қайта ташкил этиш кутилмоқда. Турнирни мини-футбол форматига ўтказиш ғояси бор», — деди Кулуков.
Маълумот учун, Ҳамдўстлик Кубоги 1993 йилдан бери ўтказиб келинади. 2011 йилга қадар турнирда собиқ Иттифоқ республикаларининг чемпион жамоалари иштирок этган. 2012 йилдан эса мусобақада шу мамлакатларнинг ёшлар ва ўсмирлар жамоалари қатнашиб келмоқда.
Қайд этиш жоиз, 2007 йилги мусобақада Тошкентнинг «Пахтакор» клуби чемпионликни қўлга киритган.
Изоҳ (0)