Англия футбол уюшмаси (FA) коррупция можаросидан сўнг мамлакат терма жамоаси бош мураббийи Сэм Эллардайсни ўз лавозимидан озод қилди. Бу ҳақда, Sky Sports’га таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Аввалроқ Британиянинг The Telegraph нашри Англия футболида коррупция ва порахўрлик далилларини топишга қаратилган 10 ойлик махсус суриштирувида 61 ёшли мутахассиснинг коррупцияга алоқадорлиги фош этганди.
ФА раиси Грег Кларк ва ташкилотнинг ижрочи директори Мартин Гленн чоп этилган сўнгги маълумотлардан кейин 27 сентябрь, сешанба куни «Уэмбли» стадионида Эллардайснинг бўлажак тақдирини ҳал қилиш юзасидан фавқулодда йиғилиш ўтказди.
Эслатиб ўтамиз, The Telegraph нашрининг суриштируви давомида Эллардайс ўз лавозими ва алоқаларидан фойдаланиб, «бизнесменлар»га Англия клублари трансферларидан даромад олишга ёрдам беришга рози бўлган ва хизмати учун учун 400 минг фунт стерлинг сўраган эди.
Изоҳ (0)