Сиринарт миллий боғи раҳбарияти Таиланднинг сайёҳлар орасида машҳур Пхукет оролида заҳари одамни ўлдириши мумкин бўлган физалиялар топилганлиги туфайли учта пляжни чўмилувчилар учун ёпиб қўйди, деб ёзади «ТАСС».
Thai PBS телеканалининг маълум қилишича, оролнинг Найтон, Най-Янг ва Лаян пляжларида чўмилиш тақиқланган. Бунга уларнинг ҳудудидан физалияларнинг топилганлиги сабаб бўлган.
Ташқи кўриниши билан медузаларни ёдга солувчи мазкур денгиз жониворлари кўпроқ португал ҳарбий кемачаси номи билан машҳур. Уларнинг колониялари оқим ва шамоллар билан дунё океанлари бўйлаб кўчиб юради.
Аввалроқ Пхукет соҳилларида заҳарли кубомедузалар топилганлиги маълум бўлган эди. Йилнинг ушбу даврида Пхукетда кучли тўлқинлар ва медузаларнинг пайдо бўлиши кузатилади.
Изоҳ (0)