Колумбия округи федерал суди Давлат департаментига собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг ФҚБ томонидан аниқланган 14,9 минг электрон хатидан 1050 та саҳифани президентлик сайловларигача эълон қилиш мажбуриятини юклади, деб ёзади «ТАСС» суд қарорига таяниб.
Суд қарорига мувофиқ, Давлат департаменти 2016 йил 7 октябргача, 21 октябргача ва 4 ноябргача 350 тадан саҳифани чоп этиши керак. Шундан сўнг ташқи сиёсий муассаса ҳар ойда собиқ давлат котибининг ўчириб ташланган ёзишмаларидан 500 саҳифадан эълон қилиб бориши керак.
Бунда гап ФҚБ томонидан қайта тикланган етти қаттиқ дискнинг биринчисидаги хатлар ҳақида бормоқда. Яна учта диск таҳлилини Давлат департаменти 17 октябрга қадар якунлаши керак.
Клинтон Давлат котиби лавозимида хизмат ёзишмаларини шахсий почта манзили орқали олиб боргани ҳақидаги шов-шув 2015 йил мартида юзага келди. У шахсий электрон почтаси орқали махфий маълумотларни жўнатганини рад этди.
Изоҳ (0)