Американинг Шимолий Каролина штати Шарлотт шаҳри полицияси полициячи қора танли эркакни отиб ташлагани акс этган видеони эълон қилишдан бош тортмоқда, деб ёзади «ТАСС».
Матбуот анжуманида шаҳар полицияси шефи Керр Путни маълум қилишича, видеоёзувнинг тарқатилиши шаҳарда янги норозиликларни келтириб чиқариши мумкин.
Шаҳар мэри Женнифер Робертс 43 ёшли Кейт Ламонт Скоттнинг ўлими акс этган видео «элон қилиниши керак»лигини таъкидлади. «Гап буни қачон амалга оширишда», — деди у.
Шарлоттдаги норозиликлар 20 сентябрь куни полициячилар томонидан афроамерикалик Кейт Скоттнинг ўлдирилиши туфайли бошланди. Полиция у тўппонча билан қуролланиб, офицернинг қуролни ташлаш буйруғига итоат қилмади, деб ҳисоблайди. Скоттнинг оиласи ва гувоҳлар сўзларига кўра, унинг қўлида ўқотар қурол эмас, китоб бўлган.
Кейинроқ штат губернатори шаҳарда фавқулодда ҳолат ва комендантлик соатини (ярим тундан эрталаб 6 гача) жорий қилди.
Шунга қарамай, 23 сентябрга ўтар кечаси Шарлоттдаги намойишлар давом этди. Тартибсизликлар бошидан буён полиция 44 кишини ҳибсга олди.
Изоҳ (0)