Олимлар Ер атмосферасида кислород камаяётганини аниқлади. Ҳаёт учун зарур бўлган газ миқдори сўнгги 800 минг йил ичида 0,7 фоизга камайди. Ўз хулосаларини тадқиқотчилар Science журналида чоп этилган мақолада келтириб ўтди.
Ерда ҳаёт юзага келишидан олдин сайёра атмосферасида кислород бўлмаган. Цианобактериялар пайдо бўлгач, унинг зичлиги оша бошлаган. Сўнгги бир неча юз миллион йил ичида сайёранинг ҳаво қатламидаги газлар таркиби барқарор даражада бўлиб келган.
Тадқиқотчилар сўнгги бир неча юз минг йил давомидаги атмосферадаги кислород концентрацияси даражасини текшириб кўрди, бунинг учун Гренландия ва Антарктидан олинган муз намуналарини таҳлил қилди. Уларда ўтмишдаги ҳаво таркиби ҳақидаги маълумотни ўзида сақловчи пуфакчалар бўлади. Олимлар кислород ва азот изотоплари нисбатларини аниқлаб, ҳаёт учун зарур газ миқдори қарийб бир фоизга камайган, деган хулосага келди.
Олимлар бунга бир нечта сабабларни таклиф қилмоқда. Биринчидан, эрозия тезлигининг ошиши оксидланиш жараёнларини кучайтирган бўлиши мумкин. Иккинчидан, сўнгги миллион йиллар ичида гидросферанинг ўртача ҳарорати камайди, натижада океанлар ўзида кўпроқ кислородни эритиб юборишга қодир бўлди.
Изоҳ (0)