Тошкентдаги Инҳа университети (IUT) қошидаги Узлуксиз таълим маркази якуний имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, олий ўқув юртларига кирган тингловчиларини тақдирлаш маросимини ўтказди. Бу ҳақда ICTNews хабар бермоқда.
Маросим чоғида Марказ менежери Амирулла Абдуллаев ўтган ўқув йили якунларини эълон қилди. Унинг таъкидлашича, тайёрлов курсларида рўйхатдан ўтган 320 тингловчидан 145 нафари якуний имтиҳонларда иштирок этди. Бу имтиҳондан муваффақият билан ўтган 45 тингловчи автоматик тарзда Инҳа талабасига айланди.
Амирулла Абдуллаевнинг қайд қилиб ўтишича, курс тингловчиларининг 82 фоиздан кўпроғи жорий йилда олийгоҳларга талаба сифатида қабул қилинди. Уларнинг 61 фоизи IUT талабасига айланди. Шунингдек, 145 тингловчидан 118 нафари инглиз тили бўйича IELTS имтиҳонларини топшириб, 6 баллдан юқори кўрсаткичга эга бўлди.
Маросим давомида тингловчиларга улар IUT’га қабул қилинганлигидан шаҳодат берувчи сертификатлар тақдим этилди.