Ўзбекистон корхоналари 20 сентябрь куни Москва шаҳрида очилган «Текстиленгилсаноат–2016» кўргазмаси давомида Россияга ҳамда бошқа чет эл давлатларига маҳсулот етказиб бериш бўйича 200 миллион долларлик шартномалар имзолашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда, «Ўзбекенгилсаноат» АЖ баёнотига асосланиб, UzDaily хабар бермоқда.
«Текстиленгилсаноат–2016» 47-федерал улгуржи моллар ҳамда текстиль ва енгил саноат асбоб-ускуналари ярмаркасида Ўзбекистоннинг текстиль соҳасида ишловчи 90 дан ортиқ йирик корхонаси қатнашмоқда. Ўзбекистон корхоналарининг ягона миллий стенди экспозицияси 800 квадрат метрни эгаллайди. Унда мамлакатдаги текстиль саноатининг барча йўналишлари намойиш этилади.
Ярмарканинг фаол иштирокчилари қаторида «Истиқлол Текстил Дизайн» МЧЖ (IDEAL), Samarkand Euroasia Textile қўшма корхонаси, Sedat Triko Tashkent, Fortuna Tekstil МЧЖ ва Grand Textile Production, Aisha Home Textile қўшма корхонаси, Medex МЧЖ ва бошқалар бор.
Таъкидланишича, ташрифчилар айниқса атлас, беқасам, банорас матоларга ҳамда улардан тайёрланган маҳсулотларга катта қизиқиш билдирмоқда.
Изоҳ (0)