Саудия Арабистонининг тегишли ташкилотлари ИШИД гуруҳи билан боғлиқ учта террорчи ячейкани фош этди. Бу ҳақда, Al Arabiya телеканалига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Айтилишича, операция асосан шиалар истиқомат қилувчи аш-Шарқия вилоятининг ал-Ахсо туманида ўтказилди.
ИШИДга алоқадорликда гумонланаётган 17 киши ҳибсга олинди. Махсус хизматлардаги маълумотларга қараганда, улар руҳонийлар, куч тузилмалари ходимлари, масжидлар, казармалар, махсус хизматлар штаб-квартиралари ва иқтисодий объектларни нишонга олган ҳолда терактлар уюштиришни режалаштирган.
Қўлга олинганларнинг 13 нафари Саудия Арабистони фуқароси, шунингдек, улар орасида бир нафардан Миср, Яман, Фаластин фуқаролари бор. Қўлга олинганлардан бири аёл бўлиб, унинг фуқаролиги ҳақида маълумот йўқ.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)