Бугунги кунда жаҳонда кузатилаётган қарама-қаршилик ва зиддиятлар барчадан ҳамиша ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшашни талаб этади. Бу ҳақда Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон халқига мустақилликнинг 25 йиллиги муносабати билан йўллаган байрам табригида айтилди. Табрик матнини ЎзА тақдим этди.
«Бугунги кунда яқин ва узоқ атрофимизда қарама-қаршилик ва зиддиятлар кучайиб, турли можаро ва қон тўкишлар давом этаётгани, терроризм, экстремизм ва наркотрафик хавфи тобора кескинлашиб бораётгани ҳар биримизни ташвишга солмасдан қўймайди ва барчамиздан ҳамиша ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшашни талаб этади», — таъкидлади давлат раҳбари.
«Вужудга келаётган мана шундай мураккаб шароитда Ўзбекистонимизнинг хавфсизлигини, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, турли бало-қазоларни остонамизга йўлатмаслик, юртимизда ҳукм сураётган миллатлар ва фуқаролараро ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини кўз қорачиғидек сақлаш, ‘Бизга тинчлик ва омонлик керак’ деган эзгу даъватни барчамизнинг бурчимиз ва устувор вазифамиз сифатида амалга оширишимиз зарур», — қўшимча қилди давлат раҳбари.
Изоҳ (0)