2016 йил 5 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Кенгаш Сенатнинг олтинчи ялпи мажлисини жорий йилнинг 24–25 август кунлари Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди, деб хабар беради ЎзА.
Сенаторлар Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида ўтказилаётган ялпи мажлиснинг кун тартибига Сенатнинг ўтган даврдаги фаолияти якунларига ва келгуси йилдаги устувор вазифаларга бағишланган маърузанинг киритилиши муҳим эканлигини алоҳида қайд этди.
Сенатнинг ялпи мажлисида мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларини изчил ислоҳ қилиш ҳамда эркинлаштиришга, Ўзбекистон Президентининг Конституция 23 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузасида баён этилган вазифаларни бажаришга қаратилган бир қатор қонунлар кўриб чиқилади. «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги (янги таҳрири), «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги (янги таҳрири) ва бошқа қонунлар шулар жумласидандир.
Мажлисда Кенгаш ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Барча муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Изоҳ (0)