Норвегия ҳукумати Финляндия билан чегарани ўзгартириб, қўшни мамлакатга тоғ совға қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда, The Guardian’га асосланиб, «Интерфакс» хабар бермоқда.
«Расмиятчилик қисми бор, якуний қарор ҳали қабул қилинган эмас. Лекин биз бу масала билан шуғулляпмиз», — деди Норвегия бош вазири Эрна Сульберг.
2017 йилда Финляндия мустақиллигининг 100 йиллигини нишонлайди. Шу муносабат билан Норвегия Хальти тоғ массивининг ўзига тегишли қисмини Финляндияга совға қилмоқчи. Массивнинг катта қисми ҳозир ҳам Финляндия таркибида. Шу билан бирга, Хальтининг энг юқори нуқтаси (1365 метр) Норвегия ҳудудида.
NRK телеканалига маълум бўлишича, Норвегия қўшни давлатга 1331 метрлик чўққини бермоқчи. Бунинг учун чегарани 40 метр нарига силжитиш кифоя. Норвегия эса 0,015 квадрат километр ҳудудини йўқотади.
Чўққи, агарда Финляндияга топширилса, мамлакатнинг энг юқори нуқтасига айланади.
Изоҳ (0)