Қирғизистон пойтахти Бишкек ташқарисида 29 июль, жума куни эрталаб номаълум шахслар мамлакат Бош прокуратураси ходимига тегишли автомобилни портлатиб юборди, деб ёзади «Интерфакс» Қирғизистон ички ишлар вазирлигига таяниб.
«Бугун эрталаб Ўртасой қишлоғида (Бишкекдан 8 км масофада) портлаш юз берди. Ҳодиса автомобиль эгаси унинг эшигини очган пайтда содир бўлди», — дея маълум қилди ИИВ матбуот хизмати.
Жабрланувчи касалхонага ётқизилган, унинг ўнг қўли жароҳатланган.
«Дастлабки маълумотларга кўра, портловчи қурилма ишга тушган, аммо якуний хулосани экспертиза беради. Ҳозир воқеа жойида сапёрлар ва тергов-тезкор гуруҳи ишламоқда», — деди ИИВ вакили.
Қирғизистон Бош прокуратураси расмий вакили автомобиль портлаши натижасида жароҳатланган шахс муассаса ходими эканлигини тасдиқлади. «У Бош прокуратуранинг хизмат терговлари бўлими катта прокурори Эркин Қурманалиев», — деди у.
Изоҳ (0)