Тергов идоралари Анапа (Россия) яқинидаги қудуқда уч кишининг ҳалок бўлиши ҳолати юзасидан текширув ўтказмоқда. Бу ҳақда Тергов қўмитасининг Краснодар ўлкаси бўйича бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар беради «Интерфакс».
«Уч нафар эркакнинг жасади Гостагаевская қишлоғидаги уй ҳудудида жойлашган чуқур қудуқдан топилди», — дея аниқлик киритган матбуот хизмати.
Дастлабки маълумотларга кўра, эркаклардан бири насос ишини текшириш учун 8 метрли қудуққа тушган. Пастда мазаси қочиб, қолганларни ёрдамга чақирган. Унинг ортидан яна бир киши тушган ва у ҳам ҳушидан кетган. Учинчи эркак қудуқдан иккисини чиқаришга уриниб, ҳалок бўлди.
3 кишининг ўлими сабабига аниқлик киритиш учун экспертиза белгиланди.
Изоҳ (0)