Олимлар дельфиннинг янги турини кашф этди — илгари у фақат япониялик денгизчиларнинг ҳикояларидан маълум эди. «National Geographic Россия»нинг маълум қилишича, улар сирли мавжудотни «қарға» деб атар эди.
2014 йилда Аляска қирғоғида ўлик дельфин топилди. Дастлаб олимлар уни Berardius bairdii турига мансуб индивид деб ўйлади. У мўътадил ва субарктик сувларда, Тинч океанининг шимолий қисмида истиқомат қилади. 13 метрли Бэрд тумшуқлиси Ziphiidae оиласининг энг йирик вакили ҳисобланади.
Аммо чуқурроқ текширишлардан сўнг 7 метрлик дельфин сарғайиб кетган ва чархланган тишларга эгалиги аниқланди. Унинг танаси шимол тумшуқлиларига нисбатан қорамтирроқ эди. Орқа сузгичининг шакли ҳам фарқ қилар эди.
ДНК таҳлили жасад янги, шу пайтгача номаълум дельфин турига тегишли эканлигини кўрсатди.
2013 йилда япониялик олимлар дельфинларнинг янги тури мавжудлигини тахмин қилган эди. Улар маҳаллий балиқчилар орасида «қарға» лақабли қорамтир дельфин ҳақида гаплар юришини бунга асос қилиб кўрсатган эди. 1940-йилларда кит овчилари ҳам шунга ўхшаш жониворни учратганларини маълум қилган эди. Аммо шу пайтгача буни тасдиқловчи тўкис далиллар йўқ эди.
Халқаро тадқиқот гуруҳи шимол тумшуқлилари истиқомат қиладиган бошқа ҳудудларнинг илмий муассасаларидаги дельфин қолдиқларини текшириб чиқди. Натижада дельфин қолдиқларининг Япониядаги намуналарга қариндошлиги аниқланди.
Яна бир қарға-дельфин Аляскадаги Амакнак оролидан топилди — маълум бўлишича, у кўп йиллардан буён маҳаллий мактаб деворида осилиб турган экан.
Тадқиқот натижалари Marine Mammal Science журналида чоп этилди. Янги турга ном бериш ва уни батафсилроқ тавсифлаш галдаги вазифадир.
Изоҳ (0)