Учувчи Бертран Пикар қуёш батареяларида ҳаракатланувчи Solar Impulse 2 самолётида дунё бўйлаб саёҳатини якунлади. Бу ҳақда лойиҳа микроблогига таяниб, «Ведомости» хабар бермоқда.
Самолёт 26 июль куни Тошкент вақти бўйича тонгда анъанавий ёқилғидан фойдаланмасдан 40 000 километр масофани босиб ўтгандан сўнг Абу-Дабига қўнди. Лойиҳанинг асосий вазифаларидан бири экологик тоза энергия манбаларида учиш имконияти мавжудлигини исботлашдан иборат эди.
Solar Impulse’нинг дунё бўйлаб саёҳати алоҳида босқичларда амалга оширилди. У 2015 йилнинг 9 мартида Абу-Дабида бошланган эди. Ўшандан буён самолёт 17 та парвозни амалга ошириб, тўққизта давлатга ташриф буюрди. Мазкур саёҳат беш ой давом этиши тахмин қилинган эди. Бироқ об-ҳаво шарт-шароитлари ва носозликлар туфайли йўналишни ўзгартириш ёки баъзи босқичларни ортга суришга тўғри келди.
Изоҳ (0)