NCD Risk Factor лабораторияси мутахассислари турли давлатлар аҳолисининг ўртача бўйини ўлчаб, натижаларни 1914 йилги кўрсаткичлар билан қиёслади. Аниқланишича, энг бўйи баланд эркаклар Голландияда, энг бўйи баланд аёллар эса Латвияда истиқомат қилар экан, деб хабар бермоқда «MK.ru».
Тадқиқот инсонларнинг ўртача бўйи секин-аста ўсиб бораётганини тасдиқлади. Бу айниқса Жанубий Корея аёллари мисолида аниқроқ кузатилди — 1914 йилда уларнинг ўртача бўйи 142,2 сантиметрни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 162,3 сантиметрга тенгдир. Эркаклар орасида ўртача бўйнинг ўсиши ҳолати эронликларда яққол кузатилди — 1914 йилда 157,1 сантиметрга тенг бўлган ушбу кўрсаткич бугунги кунда 173,6 сантиметрни ташкил этмоқда.
1914 йилги рейтингда кучли ўнликка кирган давлатлар орасида фақат Дания бугунги кунда ўшанга яқин позицияларни сақлаб қолди: даниялик аёллар дарозлик бўйича ўнинчи ўриндан еттинчи ўринга, эркаклар эса тўққизинчи поғонадан тўртинчига кўтарилди.
Голландия, Латвия, Даниядан ташқари, ўртача бўйнинг узунлиги бўйича юқори натижаларни Бельгия, Эстония, Чехия, Сербия ва Словакия қайд қилди. Энг бўйи паст аёллар Гватемала, Филиппин, Бангладеш ва Непалда, энг бўйи паст эркаклар Шарқий Тимор, Яман, Лаос ва Мадагаскарда истиқомат қилиши аниқланди.
Изоҳ (0)