Анқара мэри Иброҳим Мелих Гёкчек Туркиядаги тўнтаришда Россиянинг Су-24 бомбардимончи самолётини уриб туширганлардан бири қатнашганлиги, у айни пайтда АҚШда истиқомат қилувчи Фатҳуллоҳ Гулен ташкилоти аъзоси эканлигини маълум қилди. Расмий Анқара Гулен тарафдорларининг Туркиядаги фаолиятини «параллел давлат» деб атайди ва исёнда айбламоқда. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар бермоқда.
Мэрнинг билдиришича, «параллел давлат» Туркияни халқаро саҳнада яккалаб қўйишга ҳаракат қилган.
«Кеча россиялик меҳмон — президент Путиннинг маслаҳатчиси билан кўришдик. У ҳам шу фикрда. Самолёт билан боғлиқ ҳодисада мазкур тизим учувчиларидан бири қатнашган, бу юз фоиз аниқ. Шунингдек, исёнда ҳам иштирок этган. Ҳозиргача буни ошкор қилмаётган эдик, лекин энди бунинг фурсати етди — Россия билан муносабатларимизни шу нобакорлар бузди», — дея таъкидлади Гёкчек.
Олдинроқ Эрдўғон томонидан ҳарбий тўнтариш ташкилотчиси деб аталган Фатҳуллоҳ Гулен айбловларни инкор қилгани хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, 16 июлга ўтар кечаси Туркияда ҳарбий тўнтаришни амалга оширишга уринишда 200 га яқин киши ҳалок бўлди, 2800 дан ортиқ ҳарбий ҳибсга олинди.
Изоҳ (0)