Туркия қуролли кучларининг олий ва ўрта бўғинининг 2,8 мингдан ортиқ вакили мамлакатда ҳарбий тўнтаришга уринишдан сўнг қўлга олинди. Бу ҳақда Туркия бош вазири Биноли Йилдирим Анқарадаги матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради «Интерфакс».
«Айни вақтда тўнтаришнинг 2839 иштирокчиси қўлга олинди», — деб бош вазирнинг сўзларидан келтиради Daily Sabah.
Олдинроқ Биноли Йилдирим беш генерал, 28 полковник ўз лавозимидан маҳрум этилгани, ҳарбий тўнтаришга уринишда иштирок этган яна бир генерал эса ўлдирилганини маълум қилганди.
Йилдирим исённинг мамлакатдаги барча қатнашчилари прокуратура қўлида эканлиги ва жазодан қочиб қутулмаслигини айтиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ 16 июлга ўтар кечаси бошланган ҳарбий тўнтаришга уриниш натижасида қурбон бўлганлар сони 200 кишига яқинлашгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)