Германиянинг Нюрнберг шаҳридаги янги музейда замонавий санъат кўргазмаси давомида 91 ёшли аёл суратдаги кроссвордга жавобларни ёзгани учун катта можаро келиб чиқди. Пенсионер аёл ҳибсга олинди, етказилган зарар эса 80 минг еврога баҳоланди, деб хабар бермоқда «Вести.ru».
Ҳибсга олинган аёл полиция маҳкамасига олиб борилди. Ҳуқуқ-тартибот ходимларининг хатти-ҳаракатлари 91 ёшли аёл истиқомат қиладиган қариялар уйи томонидан кескин қораланди.
«Бизнинг қарамоғимиздаги аёл билан у ақли заифдек муомалада бўлдингиз. Бу аблаҳона ҳаракат. Бундан ташқари, сўровдан сўнг сиз уни ёмғир остида уйга жўнатиб юбордингиз», – дея маълум қилди «Адабий мулоқот» номли қариялар уйи вакиллари. Шунингдек, қариялар уйи вакиллари ушбу эътирозлар музей ходимларига ҳам тегишли эканини билдирди.
Музей директори Ева Краус эътирозларга жавобан, ҳеч ким қария аёлга нисбатан ҳурматсизлик қилишга ҳаракат қилмагани ҳамда бу воқеа ҳақида полицияга мурожаат қилмасликнинг иложиси бўлмаганини айтди.
Айни дамда музей реставраторлари аёл томонидан ручка билан ёзилган ёзувларни йўқ қилишга уринмоқда. Полиция ходимлари эса жиноий иш қўзғатди.
Изоҳ (0)