Шахмат бўйича бир неча карра жаҳон ва Осиё чемпионлари ака-ука Жавоҳир ва Исломбек Синдаровларнинг укаси — етти ёшли Ҳумоюн Синдаров Эроннинг Теҳрон шаҳри мезбонлик қилаётган мактаб ўқувчилари ўртасидаги XII Осиё чемпионатида эронлик Али Аббоспур, Ҳожибади Амр Ҳусайн, хитойлик Гонг Сунле, мўғулистонлик Тенинболд Батулга, Содвилинг Норанбулд, шри-ланкалик Диссаняке Эмалларни доғда қолдириб, етти имкониятдан етти очко билан Осиё чемпионлигини қўлга киритди. Бу ҳақда «Дарё»га шахмат бўйича Республика ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби маъмурияти маълум қилди.
Шу гуруҳда иштирок этаётган яна бир ўзбекистонлик ёш шахматчи — Алихон Авазхонов олти очко билан кумуш медалга сазовор бўлди.
Чемпионатнинг етти ёшгача қиз болалар гуруҳида ҳам ўзбекистонлик шахматчилар муваффақият қозонди. Тезкор шахмат мусобақаларида мағлубиятсиз дона сурган самарқандлик Афруза Ҳамдамова Осиё чемпиони унвонини қўлга киритди. Тошкент вакиласи Нозима Валиева эса шоҳсупанинг иккинчи поғонасини банд этди.
Тўққиз ёшгача ўғил болалар гуруҳида дона сураётган Расулбек Абдуллаев бронза медалини қўлга киритди.
Айни кунларда классик шахмат бўйича муобақалар давом этмоқда.
Изоҳ (0)