Детройтнинг (Миннесота штати) тўрт нафар қора танли фуқароси ижтимоий тармоқлар орқали оқ танли полициячиларни ўлдиришга чақиргани учун ҳибсга олинди. Бу ҳақда, шаҳар полиция бошқармаси бошлиғи Жеймс Крейгнинг сўзларига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
«Кимдир президентни ўлдириш билан таҳдид қилса, у қўлга олинади ва судланади. Нега, полициячиларнинг ҳаётига таҳдид қилинса, шундай чоралар кўрилмаслиги керак?» — деб бу хатти-ҳаракатларни тушунтирди Крейг.
Унинг сўзларига қараганда, қўлга олинганлардан бири Facebook тармоғи орқали бир неча маротаба қуйидаги мазмунда чақириқ тарқатган: «Қора танлиларнинг ҳаёти аҳамиятга эга бўлмас экан, бу дунёда ҳеч нарса аҳамиятга эга бўлмайди. Оқ танли полициячиларни ўлдиринг».
Охирги кунларда АҚШда полициянинг қора танлиларга нисбатан зўравонлигига қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. 5 июль куни Батон-Руж шаҳрида (Луизиана штати) 37 ёшли афроамерикалик Элтон Стерлингнинг, 6 июль куни Фолкон-Хайтс шаҳрида (Миннесота штати) 32 ёшли қора танли Филандо Кастиленинг полициячилар томонидан ўлдирилиши бунга сабаб бўлди. Даллас шаҳридаги (Техас штати) норозилик намойишлари чоғида юзага келган отишмада беш нафар полициячи ўлдирилди, етти полициячи ва икки тинч фуқаро яраланди. Снайпер — 25 ёшли Мика Хавьер Жонсон полиция томонидан махсус портловчи ускуна ёрдамида йўқ қилинди.
8 июль, жума куни АҚШда далласлик беш полициячи ўлдирилиши муносабати билан мотам эълон қилинди.
Изоҳ (0)