Қутқарувчилар Ўртаер денгизида EgyptAir самолёти ҳалокатга учраган жойдан аввалроқ топилган йўловчилар жасади қолдиқларининг барчасини чиқариб олди. Бу ҳақда ҳалокат юзасидан суриштирув комиссияси 3 июль, якшанба куни маълум қилди, дея хабар бермоқда «РИА Новости».
Комиссиянинг маълум қилишича, йўловчиларнинг жасадлари яқин вақт ичида Мисрнинг Искандария шаҳрига етказилиб, у ерда ДНК экспертизаси учун суд-тиббий экспертларга топширилади.
Баёнотда кўрсатилишича, Франциянинг John Lethbridge кемаси йўловчилар жасадларининг барча қисмлари сувдан чиқарилганлигига ишонч ҳосил қилиш учун жасадларни қидиришни давом эттиради.
Эслатиб ўтамиз, Париждан Қоҳирага MS804 рейсини амалга ошираётган A320 самолёти Қоҳира аэропортига қўнишига тахминан 35 дақиқа қолганда, эндигина Миср ҳаво ҳудудига кирганда радарлар экранидан йўқолган эди. Кейинроқ унинг бўлаклари Грециянинг Карпатос оролларидан топилди. Унинг бортида бўлган 10 экипаж аъзоси ва 56 йўловчи ҳалок бўлганди.
Изоҳ (0)