Сурияда онаси билан бирга ИШИД жангарилари орасида яшаган швециялик 3 ёшли болакай граната ўйнаётиб ҳалок бўлди. Бу ҳақда Швециянинг SVT телевидениесига таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
«Уч ёшли болакай гранатани уйида топиб олиб, уни ўйнади ва у портлаб кетди. Болакайнинг вафотига унинг акаси гувоҳ бўлди ва у фақатгина жароҳатланди», – дея маълум қилди SVT. Аммо SVT ҳодиса қачон содир бўлганига аниқлик киритмади.
Боланинг вафотидан сўнг оила Швецияга қайтди. Улар мамлакатга қайтганини ҳукуматга воқеа билан таниш бўлган одамлар маълум қилди. Шундан сўнг, болалар ижтимоий муҳофаза хизматига топширилди.
SVT болакай ўлимининг расмий тасдиғини олмаган.
Қайд этилишича, аёл ўз фарзандлари билан Сурияга 2015 йили ИШИД гуруҳига қўшилиш учун келган. Она ўз фарзандларининг қурол билан ўйнаётган суратларини Facebook’даги саҳифасига юклаган.
Швеция полиция хизматининг тахминига кўра, ИШИД жангарилари орасида камида 60 швециялик болакай ва 120 нафарга яқин швециялик аёл ва эркаклар бор.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)