Шарқий Африкада, Танзания қирғоқларига яқин ҳудудда Малайзиянинг икки йил муқаддам ғойиб бўлган Boeing MH370 самолётига тегишли бўлиши мумкинлиги тахмин қилинаётган қанот бўлаги топилди. Парча Танзанияга тегишли Пемба оролида топилди, деб хабар бермоқда «Коммерсант.ru».
Австралия транспорт вазири Даррен Честернинг аниқлаштиришича, орол самолёт қидирилаётган зонадан 6 минг километр узоқликда жойлашган. Экспертлар ушбу бўлак дарҳақиқат MH370 тегишлилигини исботлай олса, бу ғойиб бўлган лайнернинг шу пайтга қадар маълум энг йирик қолдиғи бўлади.
Маълумот учун, Malaysia Airlines компаниясининг Куала-Лумпур–Пекин рейсини амалга ошираётган MH370 самолёти 2014 йилнинг 8 март куни радарлардан ғойиб бўлди. Унинг бортида жами 239 киши — 227 йўловчи ва 12 экипаж аъзоси бор эди. 2014 йилнинг 24 мартида авиакомпания самолёт Ҳинд океанининг жанубий қисмида қулаганини ва барча йўловчилар ҳалок бўлганини эълон қилди. Аммо қидирувлар бугунги кунга қадар самара бермаяпти.
Изоҳ (0)