Шимолий Ирландиянинг миллатчилик кайфиятидаги энг йирик партияси — «Шинн Фейн» Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши Шимолий Ирландиянинг Ирландия билан бирлашуви масаласида референдум ўтказилиши учун асос бўла олишини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
«Буюк Британиянинг Евроиттифоққа аъзолиги масаласи бўйича ўтказилган референдум натижалари Ирландия шимолидаги сиёсий манзарани кескин ўзгартиради ва биз Ирландия билан умумий чегаралар ўрнатиш бўйича референдумни ташкиллаштириш бўйича ҳаракатларимизни бошлаймиз», — деди партия раиси Деклан Кирни.
Сиёсатчининг фикрича, Шимолий Ирландия аҳолиси Европа Иттифоқи таркибида қолиш учун овоз бергани ҳолда, референдум акс натижа билан якунига етгани Британия ҳукуматини Шимолий Ирландия номидан ҳаракат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этади.
Radikal кайфиятдаги Ирландия республикачилар армияси мавжуд бўлган даврда «Шинн Фейн» партияси унинг сиёсий қаноти сифати ҳисобланар эди.
1921 йилда Буюк Британия ва Ирландия ўртасида тинчлик шартномаси имзоланган бўлиб, унга кўра Ирландия доминион мақомини олган, 1949 йилда эса тўлиқ мустақилликка эришган. Шимолий Ирландия эса Буюк Британиянинг бир қисми сифатида қироллик таркибида қолган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)