«Роскосмос» космонавти Юрий Маленченко, NASA ва ESA (Европа коинот агентлиги) астронавтлари Тимоти Копра ҳамда Тимоти Пикдан иборат халқаро экипаж бўлган «Союз ТМА-19М» коинот кемаси 18 июнь, шанба куни Тошкент вақти билан соат 14:15 да Қозоғистондаги белгиланган манзилга яқин ҳудудга муваффақиятли қўнди. Бу ҳақда «Ведомости» хабар бермоқда.
«Орбитадан тушиш ва қўниш билан боғлиқ барча операциялар муваффақиятли ўтди. Ерга қайтган экипаж аъзолари яхши кайфиятда. Уларнинг коинотда бўлиш муддати 186 суткани ташкил этди», — дея маълум қилган Парвозларни бошқариш маркази вакили.
Шифокорлар томонидан текширувдан ўтказилганидан сўнг Маленченко Юлдузли шаҳарчага етказилади, Копра ва Пик эса тегишли равишда АҚШ ва Европага учиб кетади. Халқаро коинот станциясига (ХКС) янги экипажни элтадиган «Союз-МС» туркумидаги коинот кемасининг учирилиши 24 июндан 7 июлга кўчирилди. «Роскосмос»га кўра, «парвоз хавфсизлигини ошириш» учун шундай қилинган.
Изоҳ (0)