«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти раҳбарияти жорий йилнинг 16 июнидан бошлаб темир йўл ҳаракати тўхтатилиши ҳақида тарқалган маълумотларни рад этди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабар бермоқда.
«Интернет орқали ижтимоий тармоқларда ва турли хил веб-сайтларда 2016 йилнинг 16 июнь кунидан бошлаб 23—24 июнь кунларига қадар Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлат раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтиши муносабати билан Тошкент шаҳрига барча транспортларнинг кириш-чиқиши, жумаладан темир йўл транспорти ҳаракати тўхтатилиши ҳақида турли хил асоссиз маълумотлар тарқалмоқда.
‘Ўзбекистон темир йўллари’ акциядорлик жамияти раҳбарияти, азиз ватандошларимиз ҳамда юртимизга ташриф буюрувчи меҳмонларга шуни маълум қиладики, юқорида кўрсатилган кунларда маҳаллий ва халқаро йўналишлардаги барча поездларда ҳеч қандай ўзгаришсиз ва йўловчи поездлар белгиланган жадвал асосида ҳаракатланишда давом этади», — дейилади «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати хабарида.
«Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати поездлар ҳаракати жадвалида қўшимча ёки ўзгартиришлар бўлса, бу ҳақда жамият расмий веб-сайтида тўлиқ маълумот берилишини маълум қилди.
Изоҳ (0)