Дунёда зўравонлик оқибатидаги йўқотишлар бирмунча қисқарди, бироқ 2015 йил якуни бўйича 13,6 триллион долларни (дунё ялпи маҳсулотининг 13,3 фоизи) ташкил этиб, ўта юқори даражада қолмоқда. Бу ҳақда Лондонда жойлашган Иқтисод ва тинчлик институти томонидан чоп этилган «Тинчликсеварлик глобал индекси»да маълум қилинган, дея хабар беради «ТАСС».
Тадқиқотда жаҳоннинг 99,7% аҳолиси истиқомат қиладиган 163 мамлакатидаги вазият таҳлил этилган. 120 варақли ҳужжатда билдирилишича, зўравонлик мақсадларига ишлатилаётган харажатларни сайёранинг барча фуқароларига тақсимлаб чиқилса, кунига 5 доллардан тўғри келади.
Зўравонлик туфайли йўқотишларга институт экспертлари томонидан можаролар оқибатидаги (724 миллиард доллар), жиноятлар туфайли (2,5 триллион доллар), ички хавфсизлик (4,2 триллион доллар) ва ҳарбий харажатлар (6,2 триллион доллар) киритилган.
Дунёда зўравонлик оқибатидаги иқтисодий йўқотишлар ўтган йили 2014 йилга нисбатан 2 фоизга ёки 246 миллиард долларга камайди. Шу билан бирга, можаролар содир бўлаётган, мураккаб криминал ёки сиёсий вазият ҳукм сураётган давлатларда зўравонлик мақсадлари учун сарфланаётган харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг ярмидан ошиғини ташкил этмоқда.
Энг оғир вазият Сурия ва Ироқда кузатилган, бу давлатларда зўравонлик туфайли йўқотишлар ЯИМнинг 54 фоизини ташкил этган. Афғонистонда бу кўрсаткич 45 фоизга тенг. Венесуэла, Жанубий Судан, Гондурас, Колумбия, МАР, КХДР ва Лесото ҳам мазкур қайғули ўнликдан ўрин олган.
Изоҳ (0)