Финляндиядаги Vuosangan ҳарбий базасига қўнғир айиқ кириб олиб, 3 минг ҳарбий иштирок этаётган машғулотларни тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда, Финляндиянинг Iltalehti нашрига асосланиб, «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
Ҳарбий база ҳудудига кириб олган айиқ аскарларни чўчитиб, тарқатиб юборди, сўнг уларнинг тушлиги билан тамадди қилди, улар қолдирган нарсаларни йиртиб ташлади.
«Одатда айиқ одамлардан четда юради, аммо буниси ҳеч кимдан қўрқмади», — деди бригада матбуот котиби Сату Хуянен.
У, шунингдек, ҳарбийлардан ҳеч ким жабрланмаганини қайд қилиб ўтди. Аскарлар яқин орада турган юк машиналари ичига тушиб олиб, ўша ерда хавф бартараф этилишини кутди.
Қисм қўмондонлиги айиқ шахсий таркибга хавф туғдирмоқда, деб ҳисоблаб, Финляндия қонунчилигига мувофиқ, полицияга мурожаат қилди ва жониворни отиб ташлашга рухсат сўради. Рухсат олингач, айиқ отиб ўлдирилди.
Охирги марта айиқнинг база ҳудудига кириб олиши 13 йил олдин кузатилган эди.
Эслатиб ўтамиз, НАТО қўшинлари 6 июнь, душанба куни Baltops 2016 машғулотларининг денгиздаги босқичи доирасида илк бор альянс аъзоси бўлмаган Финляндия ҳудудига кириши хабар қилинган эди. Базадаги ҳарбий машғулотлар Baltops 2016 доирасида ўтказилаётган эди.
Изоҳ (0)