3 июнь, жума куни Германияда ўтказилаётган Rock am Ring очиқ осмон остидаги рок фестивали чоғида камида 51 киши яшин уриши оқибатида жабрланди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Илгарироқ маҳаллий полиция вакиллари жабрланувчилар сони 42 кишини ташкил этганини маълум қилган эди. Эндиликда рақамларга аниқлик киритилди.
Жабрланганларнинг 15 нафари оғир жароҳатлар олгани билдирилмоқда.
Машҳур фестиваль 3–5 июнь кунлари Рейнланд-Пфальц федерал еридаги Мендиг шаҳрида ўтади. Унга 90 минг меҳмон ташриф буюрди. Табиий офат туфайли мусиқачиларнинг чиқишлари бир ярим соатга тўхтатиб қўйилди. Яшин, шунингдек, мусиқий байрам қароргоҳидаги бир қанча чодирларга зарар етказди.
Ташкилотчилар, минтақада кучли ёғингарчилик кутилаётганига қарамай, фестиваль давом эттирилишини таъкидламоқда.
Ўтган йили фестиваль давомида 33 киши яшин уришидан жароҳатланган эди.
Изоҳ (0)