Америка Қўшма Штатларининг OpenAI сунъий интеллект компанияси бутун дунё бўйлаб катта машҳурликка эришган ChatGPT’нинг 5-моделини фойдаланувчиларга тақдим этиш арафасида турибди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
Манбанинг ёзишича, GPT-5 икки нафар фойдаланувчи билан тест қилиб кўрилган. Улар модел аввалгиларидан фарқли равишда фан, код ёзиш ва математик масалаларни ечишда яхши ўсишга эришганини айтган. Бироқ GPT-5 GPT-4 дан кескин фарқ қилмайди.

GPT-4 модели ҳисоблаш қувватининг оширилиши эвазига GPT-3 га нисбатан анча кучлироқ эди. Компания эса ҳисоблаш масштабини кенгайтириш орқали доимий ривожланиш содир бўлишига умид қилган.
Бироқ ҳозирда 300 миллиард долларга баҳоланаётган ва Microsoft томонидан жиддий қўллаб-қувватланаётган OpenAI масштаб борасида муаммоларга учрамоқда. Яъни OpenAI маълумотларнинг чекланишига дуч келди.
OpenAI’нинг собиқ бош олими Илья Суцкевер айтишича, ҳисоблаш қуввати ортиб бораётган бўлса-да, маълумотлар миқдори кўпаймаяпти.
Олимнинг гапидан шуни англаш мумкин: сунъий интеллектга бутун интернет оламидаги улкан маълумотлар базаси ўқитилади. Бироқ сунъий интеллект лабораторияларида инсон томонидан яратилган матнли маълумотларнинг йирик манбаси тугаган ва шунинг учун GPT-5 нинг қувватини сезиларли даражада ошириб бўлмайди.
Қайд этилишича, маълумот етишмовчилигидан ташқари яна бир катта муаммо мавжуд. Йирик сунъий интеллект моделларини ўқитишда техник носозлик эҳтимоли ҳам юқори бўлади. Моделнинг самарадорлигини ўқитиш якунланганидан бир неча ой ўтгандан кейин аниқлаш мумкин. Шунинг учун OpenAI синовлар вақтида биратўла моделларни ҳисоблаш қувватини оширишга ёрдам берадиган (test-time compute) лойиҳага сармоя киритмоқчи. Бу эса мантиқий фикрлашни талаб қиладиган масалаларда кўпроқ аниқликка эришиш имкониятини беради.
OpenAI GPT-5 моделининг қачон чиқарилишини аниқ эълон қилмаган. Бироқ бу исталган куни содир бўлиши мумкин. OpenAIънинг амалий тадқиқотлар бўйича раҳбари Борис Power 4 август куни Х (Twitter) ижтимоий тармоғида: “GPT-5 ни жамоатчилик қандай кутиб олишини интиқлик билан кутяпман”, деб ёзди.
OpenAI 2022 йилда дунёни ChatGPT сунъий интеллекти билан таништирди. Бу модел инсондек матн ва шеър ёзиш қобилияти билан фойдаланувчиларни ҳайратга солди ва тарихдаги энг тез ўсаётган иловалардан бирига айланди. ChatGPT деярли барча сунъий идрок технологиялари учун ўлчовга айланди. Google, Аmazon ва Меtа каби йирик компаниялар GPT га рақобат қиладиган сунъий интеллект яратиш учун миллиардлаб доллар маблағ сарфламоқда.
Изоҳ (0)