Reddit сайтининг zambuka42 никли африкалик фойдаланувчиси Windows 10 дастурий таъминоти унинг компьютерига яширинча ўрнатилиб, 6 Гб трафик сарфлаганидан нолиди. Африканинг олис ҳудудларида тармоққа уланиш учун сунъий йўлдош интернетидан фойдаланилади, бунда 1 Мб трафик 5 доллар туради. Шу тариқа, Windows 10 учун сарфланган трафик нархи 30 720 долларни ташкил этади, деб маълум қилмоқда Meduza.
Реддитор ўз постингида Африкада жониворларни қуролли браконьерлардан ҳимоя қилиш бўйича бир ташкилотда кичик самолёт бошқарувчиси бўлиб ишлашини айтиб ўтди. Бир муддат илгари самолёт аварияга учраган экан. Таъмир давом этаркан, фойдаланувчи ташкилотдаги IT муаммоларини ҳал қилиш билан банд бўлди ва компьютерлардан бири янгиланишларни кўчиришда 6 Гб трафик сарфлаганини пайқаб қолди.
«Мен Марказий Африка Республикасида истиқомат қиламан. Биз секин ишлайдиган сунъий йўлдош интернети учун пул тўлаймиз (трафикнинг ҳар бир мегабайти учун).
Компьютерларимиздан бири Windows 10 ўрнатиш учун билинтирмай 6 Гб кўчириб олибди.
Биз браконьерларга қарши курашувчи рейнжерларни кузатамиз ва уларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириб борамиз, бунда +GPS компьютерларидан фойдаланамиз», — деб ёзди у.
Муҳокамалар чоғида айрим фойдаланувчилар операцион дастурни алмаштиришни, шунингдек, Indiegogo краудфандинг майдончаси орқали хайрия пуллари жўнатишни таклиф қилди. Муаллиф, ўз навбатида, гап пулда эмаслигини, рейнжерларнинг ҳаёти компьютерларнинг барқарор ишлашига боғлиқлигини айтди.
«Биз қуролли ҳарбийлашган браконьерлар олови остидаги рейнжерларни мувофиқлаштираётган пайтимизда мажбурий янгиланиш юкланса ва компьютерни ишдан чиқарса... уларнинг қони сенинг қўлларингда бўлади, Microsoft», — деб таъкидлади у.
Изоҳ (0)