Дональд Трамп 2 июнь, пайшанба куни Оқ уй учун курашда рақиби собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг ўзи ҳақидаги танқидий нутқини «бўлмағур томоша» деб атади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Клинтон ўз чиқиши давомида Трампнинг ташқи сиёсатдаги қарашларини кескин танқид қилди ва уни АҚШ президенти вазифасини бажара олмасликда айблади.
«Ёлғончи Ҳилларининг бўлмағур томошаси», — деди Трамп Twitter ижтимоий тармоғидаги саҳифасида. Трампнинг фикрича, Клинтон унинг ташқи сиёсий қарашларини бутунлай нотўғри талқин қилишга уринган.
Дональд Трамп делегатларнинг 1 239 овозини тўплаб, 18—21 июль кунлари Кливлендда бўлиб ўтадиган партия миллий съездида Республикачилар партиясидан АҚШ президентлик лавозими учун номзоди илгари сурилишини олдиндан кафолатлади.
Шу билан бир пайтда, Клинтон Демократик партиянинг Филадельфияда 25—28 июль кунлари бўлиб ўтадиган миллий съездида номзоди кўрсатилиши учун зарур бўлган 2 383 овозни ҳалигача тўплай олмаган. Ҳозирда у 2 312 та овоз тўплаган.
Изоҳ (0)