Франциядаги Сена дарёсида сув сатҳи меъёридан 6 метрга баландроққа кўтарилди ва бу кўрсаткич юқорилашда давом этмоқда, деб хабар беради «ТАСС».
Франция экология вазирлиги сув сатҳининг мунтазам ошиб бораётганидан огоҳлантирмоқда.
Илгарироқ бир неча кундан буён Францияда жала ва у келтириб чиқараётган тошқинлар тинмаётгани хабар қилинган эди.
Иль-де-Франс минтақаси маданият департаменти мутахассислари, сув сатҳи ординардан 7,3 метрга ошса, Парижнинг Сена бўйида жойлашган музейлари хавф остида қолиши мумкинлигини билдирмоқда. Айни пайтда Лувр, Орсе ва Бранли музейлари ёпилди, муассасаларда қимматбаҳо санъат асарларини юқори қаватларга чиқариш бўйича шошилинч ишлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, бир қисми Сена бўйидаги туннелдан ўтадиган муҳим темир йўл маршрути ёпилди. Ҳозирда мутахассислар туннелдаги деразаларни беркитмоқда.
Хавф остида қолган ҳудудларни тошқиндан қутқариш мақсадида Сена қирғоқбўйида сув ўтказмайдиган йирик қалқонлар ўрнатилмоқда.
Изоҳ (0)